Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
14 aprel 2017 y.    16:16

Республикамизда фуқароларга давлат пенсиясини ўз вақтида тўлаш билан бирга жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тартибини назорат қилиш ва ҳисобрақамдаги маблағларни самарали бошқаришни такомиллаштириш йўлларини ишлаб чиқиш бугунги кунда муҳим масала саналади.

Хориж тажрибаси

 Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда, хорижий давлатлар тажрибаси таҳлилини ўтказган ҳолда, замон талабларига жавоб берадиган миллий пенсия тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, Корея Республикасида жамғариб бориладиган пенсия тизимига аъзо бўлишнинг худди биздагидек мажбурий ва ихтиёрий турлари мавжуд. Малайзияда барча фуқаролар мажбурий тарзда аъзо бўладилар.

Сингапурда жамғариб бориладиган маблағлар учта ҳисобварақда йиғилади:

Оддий ҳисобварақ — кўчмас мулк ва тураржой биноларини, активларни сотиб олиш учун ишлатилади. Шунингдек, бу маблағлар таълим харажатларини қоплашга ва бошқа ҳисобвараққа ўтказилиши мумкин.

Махсус ҳисобварақ — бу ҳисобварақдаги маблағлар қарилик пенсияси, фавқулодда мақсадлар ва молиявий маҳсулотларга инвестиция киритиш учун ишлатилади.

Тиббий жамғарма ҳисобварағи — бу ҳисобварақдаги маблағлар тиббий харажатлар ва тиббий суғурта учун ишлатилади.

 Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида меҳнат дафтарчалари ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси ўрнига фуқаролар, ишчилар меҳнатни ҳисобга олишнинг электрон тизимларидан фойдаланмоқда.

Ягона порталда

Меҳнат дафтарчаси фуқароларнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат эканлиги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгилаб қўйилган. Фуқаролар пенсия ёшига етганда ва улар учун пенсия миқдори белгиланаётганда меҳнат стажи меҳнат дафтарчасидан ташқари, ишлаган жойидан маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, меҳнат шартномалари, ойлик маоши ведомостлари, архив маълумотномалари ва бошқа ҳужжатлар талаб этилмоқда. Бу эса фуқароларга қийинчиликлар туғдиряпти, мазкур ҳужжатларни тайёрлаш учун қимматли вақтларини йўқотишяпти.

 Республикамизда ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали пенсия ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари тўғрисида 5та давлат хизмати онлайн тарзда фуқароларимизга тақдим этиляпти. Булар қуйидагилар:

Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш;

 Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадаллар реестрини қабул қилиш ва қайта ишлаш;

- Фуқароларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи ҳолати ҳақида маълумот бериш;

- Пенсия ва нафақа миқдорлари тўғрисидаги маълумотномани олиш учун электрон ариза юбориш;

- Меҳнат фаолиятини тасдиқлаш тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш.

 Ушбу интерактив хизматлардан фойдаланиш учун 2013 йил январдан 2017 йил 9 мартига қадар 26999та мурожаат келиб тушган. Шуларнинг 25678таси кўриб чиқилиб, фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинган ҳамда 1321таси тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда. Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш давлат хизмати бўйича энг кўп — 22901та мурожаат келиб тушган. Кейинги ўринда эса меҳнат фаолиятини тасдиқлаш тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш давлат хизматидан фойдаланиш учун 3882та фуқаро мурожаати келиб тушган.

"Ягона дарча" орқали

 2004 йил 2 декабрда "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши муносабати билан 2005 йил 1 январдан республикамизда жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими жорий этилди. Шу санадан бошлаб ишлаётган фуқаролар томонидан даромад солиғи тўланиши билан бир пайтда умумий ҳисобланган ойлик маошининг 1 фоизи солиққа ўтказилган даромад солиғидан тегишлича ажратиб олиниб, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ўтказиб келинмоқда. Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида жамғарилган маблағларнинг сақланиши ҳамда тўланиши давлат томонидан кафолатланган.

 Истиқболда республикамиздаги туман ва шаҳарларда ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари томонидан жисмоний шахсларга ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда давлат хизматларидан фойдаланиш ошкоралигини таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга ошириш лозим бўлади.

 Шу билан бирга, мазкур марказларда жисмоний шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш, "Ягона дарча" марказларини самарали бошқариш, улар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда тизимли ёндашувни ҳамда уларнинг бошқа давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини белгилаш зарурлигини кўрсатмоқда. Жисмоний шахслар тўғрисида тўлиқ миллий маълумотлар базасини шакллантириш ва уни "электрон ҳукумат" тизимига жорий этиш натижасида "Ягона дарча" марказлари ёки Ягона давлат интерактив хизматлари портали (my.gov.uz) орқали фуқаролар пенсияга оид масалалар юзасидан мурожаат қилган пайтда мутасадди ташкилотлар параллел равишда тўлиқ ва аниқ маълумотлар билан таъминланиши кафолатланади.

Дафтарчалар ўрнига микрочипли пластик карта

 Жамғариб бориладиган пенсия ҳисоби ва меҳнат стажини ҳисобга олиб бориш учун меҳнат дафтарчаси ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари ўрнига махсус ҳимояланган микрочипли пластик картани жорий этиш лозим бўлади. Ушбу микрочипли пластик карта банклараро ишлаб чиқилади ҳамда фуқароларга ишга киришларида берилади. Бунда фуқаролар бошқа ишга ўтганларида пластик картасини алмаштиришларига ҳожат қолмайди. Тегишли банкларда пластик картадаги мавжуд маълумотлар id.gov.uz сайти орқали тўлдириш талаб этилади. Унда фуқаронинг тўлиқ исми-шарифи, жамғариб бориладиган пенсия рақами, шахсий ҳисоб рақамлари, шахсий идентификацион маълумотлар (шу жумладан, электрон рақамли имзо) ва пластик карточка берилган сана мавжуд бўлади. Натижада ишлаётган ҳар бир фуқаро ўз маблағлари ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни тегишли веб-сайтлар ёки қисқа рақам орқали мобил телефон рақамига SMS хабар тарзида олишлари мумкин бўлади. Иштирокчилар Халқ банкига бориб, пенсия дафтарчаларига ёзувларини қайд этиш учун вақт сарфламайди ҳамда ўз маблағлари ҳаракатини назорат қилиб бориш имкониятига эга бўлади. пенсия дафтарчаларининг электрон шаклга ўтиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилади.

Бу эса ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади, фуқароларимизнинг қимматли вақтларини бекорга йўқотмаслигига олиб келади.

Эсонбек Меҳмонов, Бурҳон Нормирзаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси 2-босқич иқтисодий соҳа менежменти йўналиши тингловчилари

"Хабар" газетаси, 2017 йил, 14 апрель, 15-сон.

Manba: Xabar.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech