Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
09 yanvar 2017 y.    14:59

2017 йилнинг юртимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, "электрон ҳукумат" тизимининг аҳоли манфаатлари ҳимоя қилинишида, фуқароларнинг давлат билан ўзаро муносабатини ўрнатишдаги аҳамиятини янада оширади. Зеро, айни кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда турли вазирлик ва идораларнинг виртуал қабулхоналари, Ягона портал ва бошқа электрон ресурслар ҳукуматга халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан танишиш, давлат бошқарувида аҳоли фикрларини инобатга олишга, инсон манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоқда. Жорий йилда бу йўналишдаги ишлар давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифалар асосида янада такомиллаштириб борилади.

Электрон ҳукумат: Инсон манфаатлари ифодаси

Ўтган йили "электрон ҳукумат" тизими йўналишида сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг электрон ҳукумат бўйича БМТ рейтингида ўсиши, "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги қонуннинг кучга кирганлиги ҳамда очиқ маълумотларнинг оммалаштирилиши ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида соҳа олдига қўйиладиган муҳим йўналишлардан бири ҳам электрон иштирокни оммалаштириш ҳисобланади.

Электрон ҳукумат ўз ичига нафақат ахборот технологияларини, балки давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимининг ислоҳ этилишини ҳам қамраб олади. Мазкур масаланинг долзарблиги мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрамига бағишланган маърузасида ҳам ўз аксини топди.

Шу ўринда, маъмурий ислоҳотлар, давлат хизматлари сифатини ошириш, электрон иштирок, электрон маслаҳат каби йўналишларда илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларнинг Ўзбекистонда жорий этилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Жорий йилнинг июн ойида Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги қонуни кучга кирди. Бундан ташқари, электрон ҳукумат ва давлат хизматларининг норматив-ҳуқуқий базасини янада ривожлантириш мақсадида, 2016 йили юқорида тилга олинган қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳамда давлат электрон хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш методикасини тасдиқлаш юзасидан ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Бунинг натижасида, миллий қонунчиликка "транзакцион хизмат", "электрон иштирок" каби тушунчалар киритилиб, электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича давлат органлари ишини мониторинг қилиш ва баҳолаш ҳамда фуқаролар ва бизнес учун сифатли онлайн-хизматларни жорий этиш механизмлари такомиллаштирилди.

Бундай кенг кўламдаги ишлар 2017 йилда ҳам жадал давом эттирилади.

Халқ билан мулоқот

Юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан яқиндан ишлаш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятининг доимий муҳим йўналишларидан бири бўлиб келган.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, 2016 йилнинг бошидан 20 декабрига қадар бўлган муддатда вазирликка фуқаролардан 3185та мурожаат келиб тушган. Уларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият шикоятлар телекоммуникация хизматларини кўрсатиш сифати билан боғлиқ.

Хусусан:

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қабулхонаси (айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси) орқали 2120та мурожаат йўлланган бўлиб, улардан 870тасида телекоммуникация хизматларини (жумладан, 402 мурожаат алоқа тармоқлари, 241та мурожаат интернет тармоғи, 227та мурожаат мобил алоқа) кўрсатишга оид масалалар кўрсатилган.

- Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг Виртуал қабулхонаси орқали аҳолидан 247та мурожаат қабул қилинган бўлса, шундан 143тасида телекоммуникация хизматларини кўрсатиш сифати (53таси алоқа тармоқлари, 59таси интернет хизматлари, 31таси мобил алоқа) бўйича масалалар кўтарилган.

- Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳолидан 523та мурожаат олинган бўлиб, булардан 211тасида телекоммуникация хизматларининг кўрсатилиши (26тасида алоқа тармоқлари, 31тасида интернет хизматлари, 43тасида мобил алоқа) юзасидан аҳолининг муносабати билдирилган.

- Шунингдек, шу давр оралиғида фуқаролар томонидан 295та ёзма шаклдаги мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 100таси телекоммуникация (26тасида алоқа тармоқлари, 31тасида интернет хизматлари, 43тасида мобил алоқа) хизматларига оид.

Шикоят сабаблари

Хўш, алоқа тармоқларига оид аҳоли мурожаатларида қандай масалалар кўтарилмоқда? Вазирлик ахборот хизмати таҳлилига кўра, фуқароларнинг бу масалага оид шикоятларида аҳоли вакиллари асосан стационар телефон (уй телефони)га уланиш муаммосини кўтариб чиққанлар. Яъни, хонадонларига телефон улаш истагида ариза берганларнинг сўровлари кўп ҳолларда ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда техник масалаларни ҳал қилиш билан боғлиқ сусткашликлар туфайли кечиктирилмоқда.

Симли телефон алоқасига уланган абонентлар эса ноқулай об-ҳаво шароитида алоқа сифати сезиларли даражада пасайиб кетишига сабаб бўлувчи, шунингдек, маънан эскирган мисли алоқа тармоқлари, алоқадаги тез-тез узилишлар боис кўрсатилаётган хизматларнинг қониқарсиз эканлигидан шикоят қилишяпти. Қолаверса, техник хизмат кўрсатувчи ходимнинг сусткашлиги, телефон алоқаси оператори томонидан камчиликларнинг ўз вақтида ҳал қилинмаслик ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Сўнгги йилларда телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича муайян чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса ҳам, баъзи ҳолларда бу янгиланишларнинг таъсири абонентларгача тўлиқ етиб бормаяпти. Сўнгги босқичдаги муаммо ва сифатсиз хизмат кўрсатиш муайян ҳолларда замонавий ускуна ва технологиялар самарадорлигининг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Интернет хизматлари бўйича вазирликка келиб тушаётган аксарият шикоятлар "Ўзбектелеком" АКнинг Uzonline интернет-провайдери абонентлари томонидан йўлланяпти. Бу мурожаатларда асосан уланишнинг ишончлилиги, маълумотлар алмашиш тезлиги, уланиш билан боғлиқ муаммолар назарда тутилган.

Алоқа операторлари томонидан турли техник хизматларни кўрсатиш номувофиқ ва етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида аҳоли томонидан алоқа хизматларидан максимал фойдаланиш соатларида алоқа сифатида узилиш ва муаммолар келиб чиқмоқда.

Шунингдек, бу ерда "инсон омили"нинг ҳам таъсири бўлиб, операторларнинг техник хизмат кўрсатувчи ходимлари томонидан абонентларга керакли эътиборнинг қаратилмаслиги ҳам мурожаатларнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Шу ўринда, мижозларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, ходимлар салоҳиятини оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Мобил алоқа йўналишида, айтиш жоизки, бугунда мазкур хизмат кўрсатиш тури энг жадал ривожланаётган бўлса ҳам, мобил алоқа операторлари кўп ҳолларда аҳолининг юқори сифатли овозли алоқа ҳамда интернет хизматларига бўлган эҳтиёжини қондира олишмаяпти. Бу борадаги аксарият шикоятлар "Билайн" ва "Ucell" каби мобил алоқа операторлари фаолиятига тегишли. Мобил алоқа хизмати бўйича мурожаатларнинг сабаблари бевосита ҳудудларнинг мобил алоқа сигналлари билан қамраб олиниши етарли даражада эмаслиги, жумладан, бориш қийин бўлган ҳудудлардаги мобил алоқа хизматлари сифатининг пастлиги билан боғлиқ. Натижада, алоқанинг ишончлилиги йўқолади ва бу мижозларнинг манфаатларига салбий таъсир кўрсатади.

Муаммоларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Вазирликнинг алоқа сифатини назорат қилувчи бўлинмалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича мунтазам чоралар амалга оширилади. Алоқа, аъборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан доимий равишда оператор ва провайдерларларнинг хизмат кўрсатиш ҳолати текширилиб, хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилади.

Телекоммуникация тармоқлари фаолиятининг сифати бўйича Кенгаш йиғилишларида телекоммуникация тармоқларининг барқарор фаолияти, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси, бевосита мижозларга хизмат кўрсатувчи ходимларининг билим ва кўникмаларини, уларнинг муомала ва хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг тезкор йиғилишларида вазирлик ва унинг тизимида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати атрофлича танқидий таҳлил қилинади. Вазирлик тизимидаги муассасалар, оператор ва провайдерлар раҳбарларига расмий веб-сайт, махсус телефон рақами ҳамда жойларга чиқиш орқали аҳоли билан алоқаларни мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан яқиндан ишлаш бўйича топшириқлар берилади.

2016 йилда "Ўзбектелеком" АК ҳамда унинг бўлинмаларидаги 37та раҳбар ва ходимларга нисбатан ташкилий ва интизомий чоралар кўрилган.

Кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш, абонентларга хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш мақсадида савдо офислари, шунингдек, қўнғироқларни қайта ишлаш маркази ходимларининг малакасини ошириш юзасидан мақсадли тадбирлар ташкил этиляпти. "Ўзбектелеком" АК филиаллари бўлинмаларига алоқа ва интернет хизматларига тааллуқли камчилик ва муаммоларни аниқлаш юзасидан маҳалла ва аҳоли пунктларида учрашувлар ўтказиш амалиётини татбиқ этиш бўйича топшириқ берилган.

Замон талабига мувофиқ ривожланиш, фойдаланувчилар умиди ва талабига мос бўлиш, линия-кабел хўжалиги хизматлари сифатини яхшилаш, вазифани бажариш юзасидан ходимнинг масъулиятини ошириш, замонавий ускуна ва технологияларни татбиқ этиш йўлида соҳа корхона ва муассасалари олдида йирик вазифалар турибди. Бунинг натижасида эса, телекоммуникация тармоқлари ривожланиб, ўтказувчанлик даражаси ва ускуналарнинг самарадорлиги фойдаланувчилар талабига мос равишда ошади.

Халқ билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши жойлардаги муаммоларнинг тезда аниқланиши ҳамда уларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятларини оширади. Назаримизда бу ҳолга дастлабки босқич сифатида қарашимиз лозим. Кейинги босқичда муаммолар юзага келмасидан туриб, уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, аҳолининг истак ва талабларини олдиндан муҳайё қила олиш даражасида илғорлашишимиз зарур. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни ахборот-коммуникация технологиялари ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас экан, бу соҳа вакиллари бошқалардан бир поғона илдам қадам ташлаши шарт!

Лутфилло ТУРСУНОВ


Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech