Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
10 avgust 2018 y.    16:45

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда иштирокини фаоллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 622-сон қарори эълон қилинди. Бу ҳақида norma.uz хабар берди.

Энди фуқаролар нафақат меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилишлари, балки аввал қабул қилинган ҳужжатлар бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин бўлади. Амалга ошириладиган тадбирларнинг 6 та асосий йўналишлари белгиланган:

1) Ахборотлашган жамиятни жадал шакллантириш.

“Рақамли иқтисодиёт”га ўтиш учун веб-ресурслар яратилади, шунингдек уларни тижоратлаштириш, ташкилий, моддий-техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилиши кутилмоқда.

2) Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан барқарор, тизимли мулоқотини таъминлаш ва ахборот-коммуникатив алоқаларини кучайтириш.

Бунда нафақат аҳолининг кенг қатламлари ўртасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кенг муҳокама қилиш учун Интернет-майдонлар яратилади, балки жамоатчиликнинг қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги фикрлари ўрганилади.

 3) Кундалик ҳаётга ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш.

Телекоммуникациялар инфратузилмасини модернизациялаш,  Интернетга мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан кириш имкониятларини “охирги миль” тамойили асосида кенгайтириш, мультисервис алоқа тизими, мобиль алоқа бозори, шунингдек телекоммуникациялар, логистика ва почта хизматлари ривожлантириш режалаштирилган.

 4) “Рақамли тараққиёт”, иқтисодиёт, ижтимоий, социал ва гуманитар соҳаларни бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш.

Фуқаролар, бизнес ва давлатнинг глобал иқтисодиёт ва рақобатда иштирок этиши учун платформалар ва инфратузилмалар барпо этилиши кутилмоқда.

5) Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда мавжудлигини таъминлаш, аҳолининг ахборотдан, рақамли технологиялардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришни назарда тутувчи илмий тадқиқотлар, ишланмаларни рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Давлат хизматчилари учун стратегик ва лойиҳавий бошқарув, менежмент, маркетинг, ахборот технологиялари ва коммуникациялари бўйича курслар ташкил этилади.

 6) Глобал виртуал ва рақамли маконни шакллантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, мамлакатнинг миллий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш.

Ўзбекистоннинг миллий бренди жаҳон ахборот маконига олиб чиқилади ва “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” виртуал кўргазмалари ташкил этилади.


Ахборот хизмати


 
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech