Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
16 oktyabr 2018 y.    15:49

          Мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши давлат ҳокимияти органлари иши самарадорлигини оширишда улкан қадам бўлди. Бугунги кунда юртимиз фуқаролари ва хўжалик юритувчи субъектлар Ягона интерактив давлат хизматлари портал(ЯИДХП) орқали тақдим этилаётган электрон хизматлардан унумли фойдаланиб келмоқдалар. Болаларни давлат мактабгача таълим муассаларига қабул қилиш бўйича электрон аризалар жорий йилнинг 1-апрел санасидан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қабул қилинишни бошлаганига қарамасдан, ушбу хизматдан фойдаланганлар сони жадаллик билан ўсиб бормоқда. Электрон хизматлар давлат бютжети ҳаражатларини тежабгина қолмасдан, бутун давлат ва аҳоли учун бир қанча қулайликлар ва имтиёзлар манбаси вазифасини ўтамоқда.
          Ҳозирги кунга қадар Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш хизмати Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ электрон тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) ва Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - ДХМ) орқали кўрсатилмоқда. Ушбу хизматни кўрсатиш ЯИДХПда жорий этилгунга қадар Халқ таълими вазирининг 2007 йил 28 ноябрдаги 297-сонли буйруғига асосланиб болалар Давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинган. Унга кўра юртимизда Мактабгача таълим муассасасига болалар 2 ёшдан бошлаб 6-7 ёшгача бўлган болаларни қабул қилиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарори билан ташкил этиладиган халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳузуридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш бўйича қабул комиссияси (кейинги ўринларда - Қабул комиссияси) томонидан амалга оширилади. Қабул комиссияси ҳафтада икки марта яъни, сешанба ва жума кунлари болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш масаласида фуқароларни қабул қилади.

         Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш хизматининг анъанавий кўриниши.
         Мактабгача таълим муассасасига йўлланма олиш учун ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • мактабгача таълим муассасига қабул қилиш бўйича йўлланма бериш тўғрисида ариза;
  • боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси;
  • боланинг отаси ёки онасининг паспорти нусхаси;
  • турар жойидан шу манзилда ушбу оиланинг яшаши ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан маълумотнома;
  • ота-онасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) иш жойидан маълумотнома (ишламайдиган ота-оналар бундан мустасно).

         Қабул комиссияси, шунингдек ота-оналари мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда ёрдам берган болаларни истисно тарзида навбатдан ташқари қабул қилиши мумкин. Бундай болалар контингенти мактабгача таълим муассасаси режадаги қуввати умумий сонининг 20 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
         Мактабгача таълим муассасасига қабул қилишда имтиёзлардан фойдаланувчи болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) қабул комиссиясига Давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш бўйича қабул комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисида Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатларни қўшимча равишда тақдим этади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • кўп фарзандли оила эканлиги тўғрисида турар жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан маълумотнома;
  • талабалар учун таълим муассасасидан маълумотнома;
  • ҳомийлар тўғрисида — мактабгача таълим муассасасининг раҳбарияти ва касаба уюшмаси томонидан тасдиқланган ҳомийлик ёрдами кўрсатилганлиги ҳақидаги далолатнома;
  • педагоглар — иш жойидан маълумотнома.

         Йўлланма олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан 7 кунлик муддат ичида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади ва бу ҳақда 3 кунлик муддат ичида ариза берувчиларга маълум қилинади. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) танлаган мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин (жой) бўлмаган ҳолларда уларнинг ҳужжатлари қабул комиссиясининг қарорига асосан йўлланма олиш учун навбатга қўйилади ёки ота-оналарнинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) хоҳишига кўра тегишли ҳудуддаги бўш ўрин (жой) мавжуд бўлган ҳамда улар танлаган мактабгача таълим муассасасига яқин масофада жойлашган бошқа мактабгача таълим муассасасига йўлланма берилади. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) 15 кунлик муддатда олинган йўлланмани мактабгача таълим муассасасига тақдим этиши шарт. Ушбу муддат ичида йўлланма тегишли мактабгача таълим муассасасига тақдим этилмаса, мазкур йўлланма ўз кучини йўқотади.

         Электрон шаклда ёки ДХМ орқали болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш учун ариза бериш.

         Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарорида Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти ва унда ушбу хизматни кўрсатиш тартиблари белгилаб қўйилган. Бу эса аҳолининг ушбу давлат хизматидан фойдаланишда дуч келадиган қийинчилик ва бюрократик тўсиқларни камайтирди.

         Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (аризачилар) йўлланмалар олиш учун ДХМга ўзи келган ҳолда мурожаат қиладилар ёки электрон тарзда давлат хизматлари олиш учун ЯИДХПда рўйхатга олинадилар. Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП аризачиларни давлат хизматлари олиш учун электрон рақамли имзонинг (кейинги ўринларда – ЭРИ) албатта мавжуд бўлиши тўғрисида олдиндан хабардор қилишади. Ўзи келган ҳолда мурожаат қилинган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими аризачи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда эса аризачи давлат хизматлари олиш учун анкетани электрон тарзда мустақил равишда, ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган маълумотдан фойдаланган ҳолда шаклни тўлдиради. Ушбу хизмат бепул амалга оширилади.

         ЯИДХП орқали хизматидан фойдаланиш учун қуйидаги амаллар бажарилади:

         1-қадам. Аризачининг маълумотлари бўйича ушбу майдонлар тўлдирилади:

  • Болага алоқадорлиги(ота-она ёки васий);
  • ота-онанинг иш жойи;
  • паспорт серияси ва рақами;
  • СТИР рақами;
  • аризачининг манзили;
  • телефон рақами ва элекрон почта.

         2-қадам. Бола ҳақида маълумот:

  • боланинг Ф.И.О;
  • жинси;
  • туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг реквизитлари(серия ва рақами).

         3-қадам. Муассаса тўғрисида:

  • манзил;
  • туман(шаҳар);
  • Муассаса рақами;
  • мурожаат мақсади (бу ҳолатда вариант танланади);
  • йўлланма олиш;
  • навбатга туриш.

         4-қадам. Имтиёз ҳуқуқи мавжуд(имтиёх ҳуқуқи мавжуд эканлиги тўғрисида маълумот (мавжуд бўлса) киритилади).
         5-қадам. Анкета расмийлаштирилгандан ва унга зарур маълумотлар киритилгандан кейин аризачи уни ЭРИ билан тасдиқлайди.

         Ўзи келган ҳолда мурожаат қилинган тақдирда Давлат хизматлари марказлари анкета тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни ваколатли органга юборади. Ваколатли орган анкета келиб тушгандан бошлаб бир иш куни мобайнида:

  1. Йўлланмани расмийлаштиради — йўлланма олиш учун мурожаат қилинган ҳолатларда;
  2. Анкетани тегишли равишда умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритади, шунингдек, хабарномани расмийлаштиради — навбатга киритиш учун мурожаат қилинган ҳолатларда;
  3. Йўлланмани расмийлаштиради ва анкетани тегишли равишда умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритади, шунингдек, хабарномани расмийлаштиради — йўлланма олиш учун битта муассасага мурожаат қилинган ва айни бир вақтда навбатга киритиш учун бошқа муассасага мурожаат қилинган ҳолатларда;
  4. Ушбу бандда назарда тутилган хатти-ҳаракатларни бажариш чоғида параллел равишда ўз тасарруфидаги муассасалар тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайтда онлайн режимида янгилайди.

         Ваколатли орган йўлланма ва хабарнома расмийлаштирилган куни уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ва муассасага, шунингдек, давлат хизматлари марказига (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки аризачига (электрон тарзда мурожаат қилинганда) ЯИДХП орқали электрон тарзда юборади. Давлат хизматлари маркази йўлланма ёки хабарнома келиб тушгандан кейин бир соат мобайнида уни ўзи келган ҳолда мурожаат этилганда ўз муҳрини қўйган ҳолда аризачига беради. Болаларни муассасага қабул қилиш йўлланмалар келиб тушган ёки тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида, белгиланган тартибда расмийлаштирилади. Аризачи болаларни муассасага қабул қилиш йўлланмасини олгандан кейин 15 кун мобайнида расмийлаштирмаса, йўлланма ўз кучини йўқотади.

Кўрсаткичлар

Анъанавий шакл

Электрон шакл

Керакли ҳужжатлари сони

4

0

Давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик

1

0

Хизматининг якуний натижаси

Йўлланма

Электрон йўлланма.

Натижа варағини чиқиш муддати

15 кун

1 кун

Ҳозирги кунда Мактабгача таълим вазирлиги вазифаларини рақамлаштириш ва мақбуллаштириш ишлари фаол олиб борилмоқда. Бу эса сифатли давлат хизматлари кўрсатиш ва Вазирлик фаолиятининг самарадорлигига олиб келади.

 

,М.Валикулова

Ахборот жамиятини ривожлантириш департаменти мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech